Қирғизистонда хорижликлар учун визасиз истиқомат қоидалари ўзгарди

Чет эл фуқаролари учун Visa Run қоидаси бекор қилинмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) чет элликлар Қирғизистон ҳудудида визасиз истиқомат қилишининг янги тартибини эълон қилди.

Янги тартибга кўра, чет эл фуқаролари учун Visa Run қоидаси бекор қилинмоқда. Бу қоидага кўра, Қирғизистонда визасиз истиқомат қилишининг муддати тугагач, чет эл фуқароси мамлакат чегарасидан чиқиб дарҳол қайтиб келса, бу муддат ноллашиб, янги максимал муддат бошланар эди.

Энди визасиз истиқомат қилишининг янги тартиби қуйидагича бўлади:

– 60 кунгача Қирғизистонда визасиз истиқомат қилишга руҳсат берилган давлатлар фуқаролари энди Қирғизистонга чиқиб кетганидан 60 кун кейин қайта кириши мумкин;
– 90 кунгача Қирғизистонда визасиз истиқомат қилишга руҳсат берилган давлатлар фуқаролари энди Қирғизистонга чиқиб кетганидан 90 кун кейин қайта кириши мумкин;

Янги тартиб муносабати билан ТИВ чет эл фуқароларини Қирғизистонда бўлиш режаларини муносиб тарзда мослаштиришларига чақирди ҳамда виза ёки бошқа истиқомат рухсатномаларини мамлакатдан чиқмасдан ҳам олиш мумкинлигини эслатди.

Аввалроқ Visa Run қоидаси Қозоғистонда ҳам бекор қилинган эди. Бу ўз навбатида кўплаб муҳожирларни, хусусан, россияликларни Қозоғистонда доимий яшаш учун рухсат олишларига мажбур қилди.

РФда урушга сафарбарлик эълон қилинганидан бери Қирғизистон ҳам россияликлар оммавий равишда кела бошлаган давлатлардан бирига айланди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ