Первомайский тумани «ҳукумат маҳалласи» бўлиб, унда Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти, ҳукумат, Олий суд каби марказий давлат бошқаруви органларининг бинолари жойлашган.
Бишкекнинг марказий тумани бўлмиш Первомайский туманида 2000 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилиши режалаштирилган.
Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, камералар хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш мақсадида ўрнатилмоқда. Бу маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Кечаю кундуз рангли видео ёзиб олиш имкониятига эга бўлган дастлабки 53 та камера аллақачон ўрнатилган. Ҳокимиятнинг айтишича, бу камералар синтетик гиёҳванд моддаларни сотаётганлар кўпайган ҳудудларда ўрнатилган.
Первомайский тумани «ҳукумат маҳалласи» бўлиб, унда Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд каби марказий давлат бошқаруви органларининг бинолари жойлашган. У ерда шунингдек деярли барча вазирлик ва идоралар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг қароргоҳлари жойлашган.
Бишкекда ўтадиган барча норозилик намойишлари ҳам айнан шу туманда жойлашган Ала-Тоо майдонида ўтказилади. Аввалроқ Первомайский туман суди туман ҳудудида ҳар қандай намойишлар ўтказишни сентябрь охиригача тақиқлаган эди.