Қирғизистонда кескин ошиб кетган нархларни барқарорлаштириш мақсадида ун таннархида сотилмоқда

Ун бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ун ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда ярмаркалар ўтказмоқда. Унда ун таннархида сотилмоқда, деб хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Вазирлик хабарига кўра, ярмаркалар Бишкекнинг тўртта йирик бозорида ўтказилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Исхоқ Анарбековнинг айтишича, Қирғизистонда “ун етарли миқдорда мавжуд, ортиқча хавотирга ўрин йўқ”.

Вазирлик баёнотида қозоқ унининг нархи ошиши истеъмолчилар маҳаллий унни кўпроқ истеъмол қилишига сабаб бўлгани айтилган. «Ички бозорнинг 50 фоизи қозоқ унига тўғри келар эди. Айни пайтда маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича жиддий ишлар олиб борилмоқда”, — дейилади хабарда.

Ўтган ҳафтада Қирғизистонда Қозоғистондан келтириладиган ун нархи сезиларли даражада ошган. Вазирлар Маҳкамаси қозоқ унга нархларнинг юқорилаб кетганига сабаб сифатида “дон маҳсулоти кириб келадиган темир йўлларнинг мавсумий тирбандлиги” келтирган.

Қирғизистон ун ва буғдой импортига қарам мамлакат ҳисобланади. Қозоғистондан йилнинг биринчи ярмида 16 197 тонна ун импорт қилинган. Бу жами импортнинг 88 фоизини ташкил этиб, қолган 12 фоизи Россия улушига тўғри келади. Шунингдек, Қирғизистонга кириб келаётган буғдойнинг 97 фоизи Россияга тўғри келади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ