Қирғизистонликлар ватанига камроқ пул юборяпти

Жисмоний шахсларнинг Қирғизистонга жўнатмалари деярли 32 фоизга камайган.

Июль ойида Қирғизистонга 145,9 миллион доллар ўтказилди, бу май ойига нисбатан 17,9 миллион долларга кам.

Жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари бўйича ушбу статистикани Қирғизистон Миллий банки ошкор қилди.

Миллий банкнинг маълумотларига кўра, ўтказмаларнинг асосий қисми (132,2 миллион доллар) Россиядан жўнатилган. Ундан кейин АҚШ (4,5 миллион доллар), Туркия (1,7 миллион доллар) ва қолган бошқа мамлакатлар (6 миллион доллар) туради.

Умуман, йил бошидан эса жисмоний шахслар Қирғизистонга 1 миллиард 107,3 миллион доллар жўнатган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,5 фоизга ёки 510,8 миллион долларга камроқ.

Шу билан бирга, июль ойида Қирғизистондан 30 миллион доллар олиб чиқиб кетилган. Шундан 28,3 миллион доллари Россияга, бошқа хориж давлатларига 1,1 миллион доллар жўнатилган.

Миллий банк маълумотларига кўра, 2023 йилнинг етти ойида Қирғизистондан чет элга 286,8 миллион доллар ўтказилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 188,8 миллион долларга камдир.

Қирғизистоннинг 7 миллион аҳолисининг 1 миллиондан кўпроғи чет элда меҳнат қилмоқда. Муҳожир қирғизларнинг катта қисми Россияда ишлайди ва деярли ярмиси Россия фуқаролигига эга.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ