Талас вилоят милицияси Кўк-бўри ўйини можаросидан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони текширишга киришди. Бу ҳақда милиция матбуот хизмати маълум қилди.
Милиция ҳодисага алоқадор фуқаролар қонунга мувофиқ жазоланишини айтган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўш вилоятининг тўрт нафар фуқароси калтаклангани акс этган видео тарқалган эди. Видеода улар, 31 август куни Ўшда бўлиб ўтган Кўк-бўри ўйинидан кейинги тартибсизликлар бўйича кечирим сўрашга мажбур бўлган.
31 август куни Қирғизистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Ўш вилоятида кўк- бўри ўйини бўлиб ўтган ва финалда Таласнинг “Интимақ” жамоаси Ўшнинг “Дўстук” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этган.
Ўйин тугаши арафасида натижадан норози бўлган томошабинлар ҳакамни калтаклаган. Жами олти киши жароҳатланган, бир нафар ҳуқуқ-тартибот ходими шифохонага етказилган.
Воқеа бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев кечқурун мурожаат қилиб, можарога алоқадор ҳар бир фуқаро қонун доирасида жазоланишини айтган. Ташиев аҳилликка, ғазабланмасликка чақирган.
Айни пайтда ИИВ ижтимоий тармоқларда ҳодиса юзасидан ҳудудлараро адоватни қўзғатувчи провокацион хабарларни тарқатган шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган.