Хитойдан келтирилган янги автобусларда юриш Мустақиллик куни ва Билимлар кунида бепул бўлади.
Пойтахт ҳокимияти маълум қилишича, 200 та яп-янги автобус энди очилган 15, 51 ва 52-йўналишлар ҳамда мавжуд 100, 105, 152, 195 ва 32-йўналишларда қатнайди. Ҳокимият йил охирига қадар яқинда сотиб олинган 1000 дона автобусларнинг қолгани ҳам шаҳар кўчаларида қатнашига ваъда бермоқда.
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг май ойида Хитойга давлат ташрифи мобайнида, жумладан, Zhongtong bus Holding Co., автобус ишлаб чиқариш заводига борган эди. Ташрифдан сўнг Қирғизистон ушбу заводдан газда юрадиган 1000 дона автобус сотиб олаётгани ҳақила хабар берилган эди. Янги автобуслар Қирғизистон бюджетига қанчага тушиши ҳақида аниқлик киритилмаган. Бу йил мамлакатга 500 дона, 2024 йилда яна 500 та автобус келтирилиши режалаштирилган. Автобусларнинг илк партияси Бишкекка 13 август куни кириб келган.
Қирғизистон Бош прокуратураси 2022 йил октябрь ойида Хитойнинг Zhongtong bus Holding компаниясидан 120 та автобус харид қилишда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганини, Бишкек ҳокимлиги томонидан давлатга 154,8 млн. сўм зарар келтирилганлигини маълум қилган эди.
Ҳокимлик балансида ҳозирда 476 та транспорт воситаси бўлиб,300 дан ортиқ автобус яроқсиз ҳолга келиб қолган. Айни пайтда шаҳар кўчаларида 130 та троллейбус ва 82 та автобус хизмат қилмоқда.