Қирғизистон томонидан қидирилаётган тожик муҳожири Россиядан ватанига қайта олмаяпти

Россиянинг Новосибирск шаҳридан келган тожик муҳожири уч йилдан буён Ворухга қайта олмаётганини маълум қилди.

Қирғизистон сўровига кўра Диловар Жўраев қидирувга берилган ва Россия расмийлари унинг яшаш жойини тарк этмаслик шарти билан озодликда қолишига рухсат берган. Қирғизистоннинг даъво қилишича, Жўраев чегарадаги можарода иштирок этган ва шу сабаб ҳибсга олиниши, сўнг ўша давлатда суд қилиниши учун қирғиз томонига топширилиши керак. Аммо Жўраевнинг ўзи бу айбловларни рад этади.

Ворухлик 54 ёшли фуқаро уч йил аввал Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан Россияда қўлга олинган ва кейинроқ қўйиб юборилган. Унинг Россия фуқаролиги бекор қилинган бўлиб, Жўраевда фақат яшаш учун рухсатнома бор.

– “Бу вақт ичида отам вафот этди, мен ҳатто дафн маросимига ҳам бора олмадим. Мени мамлакатга киритишмади. Новосибирск милиция ходимлари мени тез-тез тергов изоляторига олиб кетигади. Мен Россия Бош прокуратурасига мамлакатни тарк этмаслик ҳақидаги қарорни бекор қилишни сўраб мурожаат қилдим ва ҳозир жавоб кутяпман”, – деди Жўраев 20 август куни Озоди радиосига телефон орқали.

Суҳбатдошимиз тожик расмийларидан Қирғизистон томони билан музокаралар чоғида уни ва Тожикистоннинг бошқа фуқароларини қидирувдагилар рўйхатидан чиқариш масаласини кўтаришини истамоқда. Аввалроқ Бишкек илтимосига кўра Тожикистоннинг камида яна икки фуқароси Россияда қўлга олинган эди.

Тожикистоннинг Новосибирскдаги консуллиги ходими Озоди радиоси билан телефон орқали суҳбатда “Диловар Жўраев билан боғлиқ вазиятдан” хабардор эканини айтди. “Биз у билан бир неча бор боғланганмиз ва тафсилотларга ойдинлик киритиш ва муаммони ҳал қилишга уриниб кўриш учун Жўраевни яна таклиф қиламиз”, — деди манбамиз.

Бир неча йиллардан буён давлат чегарасини демаркация ва делимитация қилиш масаласида тил топиша олмаётган Тожикистон ва Қирғизистон бошқа томон фуқароларини Россияда қидирувга қўйиб, улар чегарадаги тўқнашувлар ёки зиддиятни юзага келишида муҳим роль ўйнаган, дея даъво қилмоқда.

Уч йил аввал Диловар Жўраев Қирғизистон сўрови билан илк бор Новосибирскда ҳибсга олинганида Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон томонининг даъволарини “асоссиз ва сиёсий асосли” деб атаган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километр бўлиб, шундан 682 километри аниқланган, 290 километри эса баҳслилигича қолмоқда. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг ноаниқ участкалари Душанбе ва Бишкек ўртасидаги кескинликнинг асосий омили ҳисобланади. Улар туфайли кўпинча кичик ва йирик низолар келиб чиқади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ