Тожикистон ҳукумати Қирғизистонда судланган, бир йил аввал жазони ўташ учун Боткендан Хўжандга кўчирилган икки тожикистонликни озод қилди. Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусов 28 июль куни Ёвондаги колониядан чиқиб кетишган, улар ўтган бир неча ой давомида ушлаб турилган.
Абдурозик Абдуқаҳҳоровнинг 2 август куни айтишича, турли идораларга узоқ давом этган мурожаатлардан сўнг у ва Асқар Юнусов оқланиб, колониядан озод этилган.
“Тожикистон Бош прокуратураси вакиллари Ява колониясига этиб келишди ва Тожикистон президенти ўз фармони билан Асқар ва мени кейинги жазодан озод қилди ва судланганлигимиз олиб ташланди. Бунинг учун миннатдормиз ва фарзандларимиз олдига қайтаётганимиздан жуда хурсандмиз. Қамоқхона дарвозасидан чиққач, ҳеч қандай муаммосиз уйга етиб олишимиз учун пул беришди”, – дейди Абдурозик Абдуқаҳҳор.
Абдурозикнинг рафиқаси Наргис Жабборованинг айтишича, сўнгги икки йил ўзи ва оиласи учун жуда оғир бўлган. “Энди, Худога шукур, ҳаммаси тугади. Эримни озод қилишда ёрдам бергани учун расмийларга раҳмат айтмоқчиман. Бу турмуш ўртоғим иши атрофидаги вазиятни тинимсиз ёритиб келаётган журналистларнинг, биринчи навбатда, «Озоди» радиоси ходимларининг катта хизматлари”, деди у.
Тожикистон фуқаролари Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусов 2021 йил баҳоригача Қирғизистоннинг Борбоддук қишлоғида яшаган. Улар 2021 йилнинг 28-29 апрель кунлари тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган қуролли можародан сўнг қўлга олинган ва қирғиз терговчилари улардан бирининг телефонида тожик чегарачилари билан биргаликда суратга тушганини айтишган.
Қирғизистоннинг Лейлек тумани суди ўша йилнинг 14 сентябрь куни уларни Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 380 (тинчликка қарши жиноятлар) ва 391 (талончилик) моддалари билан айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусовнинг яқинлари ҳукмни адолатсиз деб ҳисоблашини бир неча бор таъкидлаган.
Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси ва маҳкумларнинг яқинларининг талабига биноан Қирғизистоннинг Боткен вилоят суди 2021 йил декабрь ойи бошида Тожикистон фуқароларига нисбатан ҳукмни умрбод қамоқ ўрнига 20 йиллик қамоқ жазосига ўзгартирди. Орадан олти ой ўтиб Абдуқаҳҳоров ва Юнусов Қирғизистоннинг Боткен қамоқхонасидан жазони ўз ватанларида ўташни давом эттириш учун Тожикистоннинг Хўжанддаги тергов изоляторига кўчирилди.
2021 йил апрель ойида тожик-қирғиз чегарасида юз берган қуролли тўқнашув натижасида Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлган, 154 киши жароҳатланган эди. Тожикистон расмийлари 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини маълум қилган. Тожикистон ва Қирғизистондаги можародан сўнг қўшни давлатлар фуқароларини ҳибсга олиш ҳолатлари кўпайди.