Даниядаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръон ёқилди

Дания пойтахти Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида икки киши Қуръон китобини ёқиш акциясини ўтказди. Reuters агентлигининг хабар беришича, улар “Дания ватанпарварлари” ультрамиллатчи гуруҳига мансуб.

Бу сўнгги бир ҳафта ичида “Дания ватанпарварлари” гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган иккинчи мана шундай тадбир. 20 июль куни ҳаракат фаоллари элчихона олдида Қуръон китобини ёққан ва Ироқ байроғини топтаган эди.

Дания ташқи ишлар вазири Ларс Расмуссен Қуръоннинг ёқилишини “аҳмоқлик ва шаккоклик” деб атаган ҳамда миллатчиларни қоралаганди. Шунингдек, вазир мамлакат қонунларига асосан диний китобларни ёқиш жиноят сифатида малакаланмаслигини ҳам таъкидлаган.

20 июлда Қуръоннинг ёқилиши ортидан Бағдодда мингга яқин диндор Дания элчихонаси олдида намойиш ўтказди. Басрада норозилар Даниянинг қочқинлар иши бўйича гуманитар миссияси биносига ўт қўйди.

Ироқ президенти Абдул Латиф Рашид халқаро ташкилотларни ва ғарб давлатлари раҳбарларини “провокацияларни ва нафрат қўзғатишни тўхтатиш”га чақирди.

Бундан аввал Швецияда ҳам Қуръон ёқилган эди. Мусулмонлар Қурбон ҳайитини нишонлаётган 28 июнда 37 ёшли ироқлик қочқин Салван Момика Стокҳольмдаги масжид олдида Қуръон китобини тепкилаб, ёқиб юборганди.

Саудия Арабистони, Ироқ, Эрон, Марокаш ва бошқа мусулмон давлатлари бу ҳодисани қоралади. Покистонда мусулмонлар 7 июлда жума намозидан сўнг норозилик намойишлари ўтказди.

Мазкур акция мусулмон ўлкаларидаги кўплаб сиёсатчилар, хусусан, Ўзбекистон президенти томонидан қораланди. Президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Тошкент шаҳрида ўтган учрашувда: “Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди”,- деб айтган.

Бу воқеалар ортидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 12 июлда диний нафрат тўғрисидаги баҳсли резолюцияни қабул қилди. Кенгашнинг шошилинч йиғилиши Швецияда Қуръон ёқилиши ортидан Покистоннинг талаби билан ўтказилди.

Йиғилишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк жаҳон аҳолисини диний нафратга сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишга ва сабрли бўлишга чақирди.

Қабул қилинган резолюцияда: “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш диний нафратни пропаганда қилиш ва намойш этишни, жумладан, Муқаддас Қуръонга нисбатан намойишкорона шаккоклик қилинишини кескин тарзда қоралайди ҳамда айбдорларни қонуний асосларда жавобгарликка тортиш зарур эканини қайд этади”, – деб билдирилади.

Ҳужжатни 28 давлат қўллади, 12 давлат, жумладан, АҚШ ва Британия қарши овоз берди. Қарши давлатлар фикрича, резолюция инсон ҳуқуқлари ва фикр эркинлиги тамойилларига зид келади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ