Қирғизистон янги Асман шаҳри қурилиши бошланганини эълон қилди

30 июнь куни Президент Садир Жапаров Иссиқкўл қирғоғида янги Асман шаҳри қурилиши учун капсула қўйди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати “иқтисодий ва сайёҳлик маркази”га айланадиган “инновацион шаҳар” барпо этиш ниятида.

Садир Жапаров “Асман” қурилишидан асосий мақсад сифатида Қирғизистонда туризм ва сармоявий имкониятларни ривожлантиришни айтди. Бундай “инновацион шаҳар”нинг барпо этилиши мамлакатнинг сайёҳлик ва сармоявий салоҳиятини янада оширишга йўл очади, деди у.

Жапаров, шунингдек, шаҳар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг қурилишини бошлаш учун давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай йирик лойиҳани амалга оширишда иштирок этишдан манфаатдор бўлган ташқи инвесторлар бор.

Лойиҳа муаллифи, экошаҳар давлат дирекцияси раҳбари Руслан Акматалиев Economist.kg нашрига берган интервьюсида “Асман” қурилиши дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 20 миллиард долларга тушишини айтди. Янги шаҳарда объектлар қуришни бошлаган биринчи инвестор Кореянинг Promise Land компанияси бўлади. Акматалиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда инвесторлар 1 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр.

Президент Садир Жапаров ўз нутқида инвесторларга катта ер участкалари ажратилиши, улар 100 фоиз давлат кафолати бўлишини қўшимча қилди. У, шунингдек, инвесторларга давлат ҳимоясини ваъда қилди.

Асман шаҳрининг майдони, аввал хабар қилинганидек, 4000 гектарни ташкил қилади. Янги шаҳар 500-700 минг аҳолига мўлжалланган. У Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғидаги Тору-Айғир қишлоқ ҳукумати ва Чирпиқти қишлоғи ўртасида жойлашган майдонда қурилиши режалаштирилган.

Ҳокимиятнинг режаларига кўра, янги шаҳар 7-10 йил ичида қурилади.

Шу йилнинг март ойида Асман шаҳри қурилиши давлат дирекцияси президент маъмурияти тасарруфига ўтказилгани маълум бўлган эди. Ушбу қарор, Вазирлар Маҳкамасида тушунтирилганидек, “самарадорликни ошириш ва тезкор қарорларни қабул қилишни тезлаштириш”га қаратилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ