Жогорку Кенеш депутати Гуля Кожоқулова Қирғизистон паспорти Россиядаги avito.ru реклама сайтида очиқ сотилаётганини айтди.
Халқ депутати 18 май куни парламент йиғилишида бу масалани кўтариб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини чора кўришга чақирди.
“Бу сафсата. Қирғизистон фуқаролиги гўёки бемалол сотилаяпти. Махсус хизматимиз қаерда? Рақамли ривожланиш вазирлиги нима қилмоқда? Паспортларимиз турли жойларда сотилмоқда, бу эса кўплаб жанжалларга сабаб бўлмоқда. Энди паспорт тижорат мақсадида сотила бошланди,» — дейди Қўжоқулова.
Avitor.ru сайтида Қирғизистон фуқаролигини 120 минг рублдан 270 минг рублгача олиш имконияти ҳақида бир неча эълонлар пайдо бўлди. Эълонда Қирғизистон фуқаролигини олиш учун Россия фуқаролигидан чиқиш ва қирғиз тилини билиш шарт эмаслигини кўрсатилган.
Россияда Украинадаги уруш муносабати билан ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қирғизистон фуқаролигини олишни хоҳловчи россияликлар сони ортди. Президент Садир Жапаровнинг 2022 йилда фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги фармонларига асосан Россиянинг ўнлаб таниқли амалдорлари ва йирик тадбиркорлари Қирғизистон фуқаролигини олди.