Россияда Ислом Каримовнинг ўғли қўлга олинди

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Россиянинг Красногорск шаҳрида хотинини калтаклаганликда гумонланиб қўлга олинган.

“Известия” нашри хабарига кўра, ҳодиса Подмосковний хиёбони яқинидаги кўп қаватли уйда содир бўлган.

Қайд этилишича, Пётр Каримов хотини Юлия Сметанкина билан жанжаллашиш чоғида унга бир неча марта мушт туширган. Жанжал ортидан қўшнилар полиция чақиришган. Полиция ходимлари иккинчи марта келганларида “муштумзўр”ни тутиб кетишган.

Россия ОАВ айни пайтда Пётр қўйиб юборилгани, аммо у ҳали ҳам гумонланувчи мақомида экани ҳақида ёзишмоқда. Мазкур иш юзасидан полиция текшируви давом этяпти.

Хабарларда жанжалдан сўнг Юлия Сметанкина касалхонага ётқизилгани, унинг бир неча жойидан жароҳат олгани айтилмоқда.

Пётр Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Наталья Кучми билан никоҳидан туғилган тўнғич фарзандидир. У 1969 йили туғилган. Шу йили Ислом Каримов ва Наталья Кучми ажрашишган.

Озодликка маълум бўлишича, 54 ёшли Пётр Каримов 1990-йиллардан буён асосан Москвада истиқомат қилиб келади.

Тошкент Халқ хўжалиги институтини 1988 йилда битирган Пётрнинг бир муддат банк-молия соҳасида ишлагани маълум.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ