Қирғизистонда молиявий пирамида рекламаси учун жиноий жавобгарлик жорий этилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров молиявий пирамидалар рекламаси учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган қонунни имзолади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати президент матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қирғизистон Жиноят кодексида молиявий пирамида ташкил этганлик учун жавобгарликка тортилишга оид меъёр аввал ҳам бўлган, бироқ у ерда реклама учун жазо чораси кўзда тутилмаган эди.

Эндиликда ЖКнинг 221-моддасига молиявий пирамидани ОАВ ва интернетда оммага реклама қилганлик учун 150 минг сўмдан 200 минг сўмгача (шу кундаги курс бўйича тақрибан 1700 доллардан 2300 долларгача) жарима белгилашга қўшимча қўшилган. Мазкур қонун Қирғизистон парламентида 5 апрель куни маъқулланган.

Аввалроқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2022 йил давомида ноқонуний молиявий пирамида фаолияти бўйича 1 минг 52 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Мазкур ҳолатлардан жабр кўрганлар сони минг нафардан, етказилган моддий зарар эса 273 миллион сўм ва 1 миллион 579 минг доллардан ошган.

Ўзбекистонда ҳам молиявий пирамидадан жабрланган фуқаролар талайгина. Бу каби ҳолатларнинг энг машҳури бўлган чинозлик Аҳмадбой пирамидаси қулаган 2016 йилдан буён ўтган вақт мобайнида яна минглаб одам турли кўринишдаги молиявий пирамида қурбони бўлган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ