Собиқ президент Алмазбек Атамбаев амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровнинг мамлакатнинг барча собиқ раҳбарлари билан учрашуви ҳақида фикр билдирди. Унинг баёнотини ўзининг Facebookдаги саҳифасида Социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султонбеков эълон қилди.
Атамбаев ўз баёнотида собиқ президентлар ўртасида учрашув бўлиб ўтганини тасдиқлаб, дастлаб президентлар Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев билан учрашишга таклиф қилинганини таъкидлади.
“Мен ҳам юрт тинчлиги ва бирдамлиги тарафдориман. Мен президент Жапаровнинг яхши ниятларини қадрлайман. Аммо учрашув якунида шундай вазият юзага келдики, мен ҳеч ким билан хайрлашмай, инглизчасига кетишга мажбур бўлдим. […] Мамлакатимизда тинчлик ва бирдамликнинг ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши иккита катта фарқдир. Бирлаштириш бутунлай бошқача натижа беради. Жуда кўп қон тўкилган, жуда кўп нарсани унутмаслик керак ва унутиб бўлмайди. Ва, албатта, айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак. Ва қурбонларнинг яқинлари аввало кечириши керак. Ва умид қиламанки, президент Садир Жапаров мени эшитиб, тўғри қарор қабул қилади”, — дейилади Атамбаев баёнотида.
Бир кун аввал президент Садир Жапаров ўзининг Facebookдаги саҳифасида мамлакатнинг барча собиқ президентлари билан учрашганини маълум қилганди. У “раҳбарлар бирлашмагунча, уларнинг тарафдорлари бирлашмайди”, деб ёзган. Унинг сўзларига кўра, “улар бир-бирларини кечира олишган”.
Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоевнинг айтишича, учрашувда собиқ президентлар Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жеенбеков иштирок этган. Унга кўра, “учрашув жойи сифатида нейтрал ҳудуд белгиланди”. Озодлик манбалари учрашув Дубайда бўлиб ўтганини хабар қилди.
Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери президентлик лавозимини Асқар Акаев (1991-2005), Қурманбек Бакиев (2005-2010), Роза Отунбаева (2010-2011), Алмазбек Атамбаев (2011-2017) ва Сооронбай Жеенбеков (2017-2020) эгаллаб келган.
Акаев 2005 йилги инқилобдан кейин, Бакиев эса 2010 йилги инқилобдан кейин мамлакатни тарк этган. Ҳозир иккаласи ҳам хорижда, Акаев Россияда, Бакиев Беларусда яшайди.
Роза Отунбаева 2010 йилги инқилобдан кейин мамлакатни бошқарган. 2011 йилда сайланган Алмазбек Атамбоев ўз муддатининг охиригача ишлаган, бироқ кейинчалик собиқ президент мақомидан маҳрум қилинган. У 3,5 йилдан ортиқ қамоқда ўтирди ва бир неча кун олдин озод қилинди. Жеенбеков 2020 йил октябрь воқеалари натижасида президентлик лавозимини муддатидан аввал тарк этган эди.