Туркияда зилзила қурбонлари сони 7100 дан, жароҳатланганлар сони эса 40 мингдан ошди. Reuters ва бошқа халқаро ОАВ Сурияда 2470 киши ҳалок бўлгани ва 4000 киши жароҳатлангани ҳақида хабар бермоқда. Охирги маълумотларга кўра, ҳар икки мамлакатда 9000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
6 феврал куни Туркия ва Сурия билан чегарадош минтақада икки марта кучли зилзила содир бўлган. 7,5-7,8 магнитудали зилзила оқибатида бир қанча шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлган. Минглаб одамлар вайроналар остидан қутқариб олинмоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу фалокат 1939-йилдаги зилзиладан кейинги энг катта фалокат эканлигини айтган.
Ўнлаб давлатлар табиий офатдан кейин қутқарув ва тозалаш ишларига ёрдам беришни таклиф қилишган. Улар орасида Қирғизистон ҳам бор.