Сўнгги маълумотларга кўра, 6 февраль куни Туркия ва Сурияда юз берган зилзилада қурбон бўлганлар жами сони 5 минг нафардан ошди.
Туркиянинг ўзида қурбонлар сони 3 минг 419 нафарга етган, 20 минг 426 киши жароҳатланган. Қидирув-қутқарув ишларига 24 минг одам жалб қилинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, жами 23 миллион одам, шу жумладан 1 ярим миллионга яқин ёш бола зилзиладан жарб кўрган.
Туркияда камида 10 та йирик шаҳар жабрланган, камида 1700 та уй вайрон бўлган.
Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида бутун бир турар-жой майдони вайрон бўлганини воқеа жойидан олинган суратлар кўрсатади.
Диярбакирда катта вайронагарчилик қайд этилди. Ижтимоий тармоқларда вайронагарчилик акс этган сурат ва видеолар жойлаштирилмоқда, айрим видеоларда эса уйларнинг қулаши жонли акс эттирилган.
Сурияда зилзила оқибатида камида 1400 киши ҳалок бўлди, уч ярим мингга яқин киши жароҳатланди, деб ёзади Reuters агентлиги Башар ал-Ассад ҳукумати ва Дамашқ назорати остида бўлмаган ҳудудларда ишлаётган қутқарувчиларнинг сўнгги маълумотларига таяниб.
Минглаб уйлар вайрон бўлди, ўнлаб шаҳарлар зарар кўрди. Ҳозирда қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон зилзила муносабати билан мамлакатда бир ҳафталик мотам эълон қилди.
6 февраль куни эрталаб содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила Туркияда ХХасрдаги энг кучли зилзила ҳисобланади. Эрдўған буни 1939 йилда кучли зилзила содир бўлганидан бери мамлакатдаги энг катта табиий офат сифатида баҳолади. Душанба куни тушдан кейин худди шу ҳудудда яна 7,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Ерости силкинишлари қўшни давлатлар – Грузия, Арманистон, Ливан, Эронда ҳам қайд этилган.
7 февраль куни эрталаб Туркиянинг марказий қисмида охирги 24 соат ичида 5,3 магнитудали учинчи зилзила қайд этилди.
Сурияда ҳам расмий Дамашқ назорати остидаги ҳудудлар, ҳам Туркия томонидан қўллаб-қувватланган қуролли мухолифат назорати остидаги ҳудудлар зарар кўрди. Мамлакатнинг ҳар икки қисмида юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Бир неча йил аввал Россия армияси кўмагида уюштирилган ҳужум чоғида шиддатли жанглар майдони бўлган Алеппо шаҳри жиддий зарар кўрган.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, 45 дан ортиқ давлат Туркияга ёрдам беришга ваъда берган. Улар орасида АҚШ ҳам бор. Оқ уй маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар мамлакатга ҳар бири 79 нафар мутахассисдан иборат иккита қутқарув гуруҳи юборган. 7 февралга ўтар кечаси Россиядан Туркияга 100 дан ортиқ қутқарувчи етиб келди.
Бир қатор давлатлар Сурияга, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Франция ва Германия ҳам ёрдам бериш ниятида. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатга жойлаштирилган контингентдан 300 дан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчилар қутқарув ишларига жалб қилинган.
Зилзила натижасида Газиантепдаги Хет қироллиги даврида қурилган, Рим империяси ва Византия даврида қайта тикланган тарихий қалъа вайрон бўлган. Сурияда эски шаҳарнинг бошқа объектлари қатори ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ҳалаб қалъаси ҳам зарар кўрди.