Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида Ўзбекистон томонидан молиялаштириладиган контейнердан қурилган икки шифохона фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Бишкекдаги Миллий госпиталнинг ҳудудида қурилган 176 ўринли шифохона, Чуй вилоятидаги касалхона эса 24 ўринга мослашган.
«Ушбу объектлар бир ойга яқин вақт ичида енгил конструкцияларнинг модулли конструкциялари билан қурилган. Шунингдек, улар зарур тиббий асбоб-ускуналар ва мебеллар билан тўлиқ таъминланган ва беморлар учун барча шароитлар яратилган», дейилади хабарда.
Шифохонани очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов ва Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев иштирок этишди. Вазир ўз нутқида пандемия пайтида Қирғизистонга кўрсатган ёрдами учун қўшни давлатга миннатдорлик билдирди.
Аввалроқ Боткен вилоятининг Қадамжой туманида Ўзбекистоннинг кўмаги билан қурилган 200 ўринли контейнерли юқумли касалликлар шифохонаси очилган эди.