Қирғизистон Саудия Арабистонидан мактаб ва касалхона қуришда ёрдам кутмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Руслан Қазақбаев Саудия Арабистони Элчиси Абдурраҳмон бин Саид Ал-Жумани қабул қилди. Учрашувда сиёсий ва дипломатик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва икки мамлакат ўртасида сиёсий келишмовчиликлар бўлмаганлиги қайд этилди.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон келаси йил Қирғизистонга расмий ташриф билан келиши айтилди.
Вазир Қазақбаев йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида гапириб, Саудия тараққиёт жамғармаси орқали Қирғизистонда ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширгани учун миннатдорлик билдирди.
Шу билан бирга, Қирғизистон томони умумтаълим мактаблари ва шифохоналарни қуриш учун молиявий ёрдам муҳимлигини таъкидлаб, бундай иншоотларни қуриш тоғли ҳудудларда айниқса муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, учрашувда аввалги келишувларнинг тўлиқ бажарилиши ва қонунчилик базасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик ҳамкорлик 1992-йилнинг 19-октябрда бошланган.
Қирғизистон бу мамлакатга органик озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилади. Саудия Арабистонидаги баъзи жамғармалар Қирғизистонда хайрия ишлари билан шуғулланади.