Суриядаги қирғизистонлик аёлларнинг қариндошлари Бишкекда акция ўтказди

Бишкекда Сурия ҳудудида бўлиб турган қирғизистонлик аёлларнинг қариндошлари акция ўтказди. Улар аёлларни ватанга қайтаришга ёрдам беришни сўраб президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат қилдилар.

Акция иштирокчиларининг сўзларига қараганда, Суриянинг қочоқларга мўлжалланган «Ал-Ҳол» лагерида айни дамда юздан ортиқ қирғизистонлик аёл бор, уларнинг ҳар бирининг бир нечта фарзандари бор.

Бундан аввал Суриядаги қирғизистонлик аёлларнинг қариндошлари бир неча бор мамлакат ҳукуматига мурожаат қилиб ҳукумат ўз фуқароларини мамлакатга қайтариш учун ҳаракат қилишга ваъда берганини эслатиб қўйган эди.

Сурия шимолидаги «Ал-Ҳол» лагери ИШИД собиқ жангариларининг хотинлари сақланадиган энг йирик бошпаналардан бири ҳисобланади, айни дамда лагер курд гуруҳлари томонидан назорат қилинади. Бу ерда ўн минглаб хотин-қизлар ва болалар бор, улар орасида Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролари ҳам борлиги айтилади.

2019 йил октябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси Сурия ҳудудларидаги лагер ва қамоқхоналарда 500 га яқин қирғизистонлик борлигини маълум қилган эди. Муассаса раҳбарининг ўринбосари Мирлан Тургунбаевнинг сўзларига қараганда, Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларини ватанга қайтариш учун музокаролар олиб бормоқда.

Бундан аввалроқ, Сурия ҳудудларидаги лагерда сақланаётган қирғизистонликлар билан учрашиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва Қирғизистоннинг Туркиядаги дипломатик корпуси музокаролар олиб бораётгани ҳақида маълумот берилган эди. Ҳукумат қошида Сурия ва Ироқдан қирғизистонликларни олиб келиш мақсадида ишчи гуруҳи тузилган.

2020 йил феврал ойи сўнгида Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, Сурия ҳудудларидаги мураккаб вазият минтақадан Қирғизистон фуқароларини репатриация қилиш борасида бирор бир чора тадбир ўтказишга имкон бермаётганини маълум қилган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ