Қорасувда нега ичимлик сувига 35 сўм тўланади?

Куни-кеча Қорасувлик муштарийимиз инстаграм тармоғи орқали бизга, шаҳарда ичимлик суви учун нега 35 сўмдан олинаётгани ҳақида хат ёзиб, бу масалага ойдинлик киритиб беришимизни сўраган эди.

“Қорасув шаҳрида ичимлик сувини киши бошига 35 сўм бўлди деб, бешикдаги болагача пул олиб кетяпти. Шуни ўзинглар бир суриштириб бераоласизларми? Интернетга чиқарсангизлар билиб олардик. Кўпчилик ҳурсанд бўларди. Аввал 12 сўм эди”, деб ёзган муштарийимиз.

“Узпресс” таҳририяти бу масалада Қорасув шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Тоза-сув” корхонаси раҳбари Ҳаятилло Турдуқуловга мурожаат қилиб, сувнинг нархи бўйича сўради.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда амалга оширилаётган Европа банки кўмагида аҳолини сув билан таъминлаш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида, ҳар олти ойда сув ҳаққини ошириш кўзда тутилган.

“Биз ҳар олти ойда эмас, балки 2-3 йилда бир сувга тўланадиган ҳақни ошираяпмиз. Шу сабаб, бу йил февралдан бошлаб сув ҳаққи ошди. Лойиҳа доирасида янаги йилдан бошлаб ҳар бир хонадонга ҳисоблагич ўрнатамиз.  Ичимлик суви учун тўланадиган ҳақ, унга сарфланаётган ҳаражатлар ҳисобланиб қўйилади.  Уни шаҳар кенгаши тасдиқлайди ва антимонополия қўмитаси билан маъқуллашилади.  Биз шу тартибда иш олиб борамиз”, дейди Қорасув “Тоза-сув” корхонаси раҳбари Ҳаятилло Турдуқулов.

Идора раҳбари таҳририятимизга Қорасув шаҳар кенгашининг ичимлик суви учун тўланадиган  ҳақни тасдиқловчи қарори, идора раҳбарининг буйруғи ва сув тарифлари бўйича ҳужжатларни тақдим этди.

Азиз муштарий! Сиз ҳам ўзингиз яшаётган жамиятдаги масала ёки муаммо ҳақида аниқроқ маълумот олишни истасангиз бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз сизнинг саволингиз юзасидан масалани бахоли қудрат ўрганиб, хабар берамиз. Шунингдек, сиз, ўзингиз билан боғлиқ ёки атрофингизда юз бераётган воқеа ва ҳодисларни ҳам биз билан ўртоқлашишингиз мумкин.   

Биз билан қуйидаги электрон манзил ва барча ижтимоий тармоқлар орқали боғлансангиз бўлади.

uzbekmedia.kg@gmail.com

Watsapp, Telegram: +996 553 801 666

Instagram, facebook, twitter – uzpress

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ