Германиядаги сиёсий ўзгаришлар муҳожирлар учун қандай аҳамиятга эга?

Германия канцлери Фридрих Мерцнинг сиёсий мавқеи тобора заифлашмоқда. Унинг машҳурлик рейтинги 13 фоизга тушиб, Германия канцлерлари орасидаги энг паст кўрсаткичга айланди. Мерц ҳокимият тепасига келганига 16 ой бўлган бўлса-да, унинг Христиан-демократик иттифоқи (CDU) сўнгги учта минтақавий сайловда жиддий мағлубиятларга учради.

Якшанба куни Мекленбург – Олдинги Померанияда бўлиб ўтган сайловларда CDU партияси ҳатто 5 фоизлик тўсиқдан ҳам ўта олмади.

Берлин депутатлар палатаси сайловида биринчи ўринни эса Сўллар партияси (Die Links) эгаллади. Партия сайловчиларнинг рекорд даражадаги 25,7 фоиз овозини тўплади. Бу 2023 йилдаги аввалги сайлов натижасига нисбатан 13,4 фоизга кўп. Умуман олганда, бу Германия пойтахтидаги сайловлар тарихида сўллар партияси учун энг юқори натижа ҳисобланади.

Айни пайтда иммиграцияга қарши ўнг қанотдаги «Германия учун муқобил» (AfD) партияси ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. У сўнгги учта минтақавий сайловнинг иккитасида энг йирик сиёсий кучга айланди.

6 сентябр куни Саксония-Анхальт федерал ҳудудида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда AfD, яъни Германия учун муқобил сиёсий партияси сайловчиларнинг 44% овозини олиб ғалаба қозониб, ҳокимиятга кириш имкониятига эга бўлди. Бу Германия жа0ғжзхмиятида бир қатор хавотирларни уйғотди. Жумладан, марказий ҳукумат, яъни амалдаги канцлер Фридрих Мерс ҳам сайлов натижаларидан таажжубда эканини билдирган.

Берлиндаги Бранденбург дарвозаси ёнидаги марказий майдонда мингдан ортиқ одам йиғилиб, AfD сиёсий партиясининг фаолиятидан ташвишланаётганликларини билдирган. Уларнинг сўзларига кўра, агар AfD партияси ҳокимиятга келса, Германия сиёсатида салбий ўзгаришлар юз бериши мумкин.

Германия расмийлари партиянинг айрим тузилмаларини демократияга қарши ва ўта ўнг экстремистик деб баҳолайди. Шунга қарамай, AfD умуммиллий сўровларда ҳам юқори натижалар кўрсатмоқда.

Партия канцлер Мерцни сайловолди ваъдаларини бажармаганликда айбламоқда. Унинг асосий ваъдаларидан бири Германия иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, иммиграция ва хавфсизлик муаммоларига ечим топиш эди. Бироқ иқтисодий қийинчиликлар ва сайловчиларнинг норозилиги сақланиб қолмоқда.

Германияда Мерцнинг партия ичида алмаштирилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Агар у лавозимида қолса ҳам, сиёсий таъсири ва ҳукмрон коалиция ичидаги ҳаракат эркинлиги чекланиши мумкин.

Нега немислар анъанавий партиялардан норози?

Германия жамияти узоқ вақт давомида сиёсий барқарорликка катта аҳамият бериб келган. Аммо сўнгги йилларда бир нечта инқироз аҳолининг анъанавий партияларга бўлган ишончини сусайтирди.

2007–2008 йиллардаги молиявий инқироздан сўнг кўплаб оилалар жамғармалари ва турмуш даражаси пасайганини ҳис қилди. 2015 йилдаги миграция инқирози эса иммиграция ва хавфсизлик масалаларини жамиятдаги асосий муаммолардан бирига айлантирди.

2022 йилда Россиянинг Украинага босқини Германияга яна бир иқтисодий зарба берди. Арзон Россия энергия ресурсларидан маҳрум бўлиш, АҚШнинг савдо тарифлари ва Хитой билан рақобат Германиянинг экспортга йўналтирилган саноатига салбий таъсир кўрсатди. Энергия нархларининг юқорилиги ҳам аҳоли ва бизнесга босим қилмоқда.

Шу омиллар туфайли сайловчиларнинг бир қисми анъанавий партиялар уларнинг муаммоларига етарлича ечим топа олмаяпти, деб ҳисобламоқда. Бу эса AfD каби партияларнинг қўллаб-қувватлови ошишига олиб келмоқда.

Германиядаги инқироз Европага ҳам таъсир қилади

Германия Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти ва Украинага энг катта ёрдам кўрсатувчи давлатлардан биридир. Шу сабабли мамлакатдаги сиёсий ва молиявий муаммолар Европа Иттифоқига ҳам таъсир қилади.

Мерц Европа Иттифоқи бюджетига айрим мамлакатларнинг ҳиссасини камайтиришни талаб қилмоқда. Бироқ Европа Иттифоқи мудофаа, миграция, сунъий интеллект ва янги технологияларга кўпроқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқда.

Европада Россия ва Хитой билан боғлиқ хавфлар, Яқин Шарқдаги урушлар ҳамда АҚШнинг Трамп давридаги сиёсатидан хавотир кучаймоқда. Бундай шароитда Европа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.

Германиядаги сайловлар натижалари эса Европа Иттифоқида миллийчи, евроскептик ва иммиграцияга қарши партиялар таъсири кучайиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Германиядаги сиёсий ўзгаришлар муҳожирлар учун қанчалик аҳамиятли? Биз бу ҳақда ўзбекистонликлар фикрини сўрадик.

Хотамжон Абиджонов, шифокор:

AfDнинг сиёсий иш тутишлари, яъни ноқонуний юрган мигрантларга қарши курашиши. Қаердандир келиб, ноқонуний йўл билан Германияга ўрнашиб олган ва қайсидир маънода ҳаёт кечираётган, ноқонуний йўл билан яшаётган мигрантларга қарши курашиш.

Тўғри, мен сиёсатга унча қизиқмайман. Лекин билганим шуки, ҳозир 16 та федерал ҳудуддан фақат биттасида ютди. Энди нима бўлади? Воқеалар ривожини, тафсилотларини кузатиб борамиз.

Лекин менинг ўйлашимча, агар Германияда қонуний яшаётган мигрантларни ҳам чиқариб ташласа ёки депортация қилса, Германия халқи ҳам қийналади. Сабаби, аҳолининг 26 фоизи мигрантлар ҳисобланади. Лекин бу қонуний йўл билан келган ва қонуний ишлаётган мигрантлар ҳисобига Германияда қайсидир маънода ишчи кучи етишмовчилиги камайган.

Агар ҳозир шу мигрантларни ҳам AfD ташкилоти чиқариб ташласа, менимча, Германияда ишсизлик кучайиб боради.

Ўзим шахсан ҳеч қандай қўрқув ҳис қилмаяпман. Сабаби, мен қонуний ишлайман, қонуний равишда давлатга солиқ тўлайман ва қонуний ҳаёт тарзини кечираман. Ҳеч қандай жиноятчиларга алоқадорлигим йўқ, жиноятга қўшилган жойим йўқ. Шунинг учун шахсан ўзимда ҳеч қандай қўрқув бўлгани йўқ.

Энди воқеалар ривожини, тафсилотларини вақт ўтиши билан биламиз. Ҳамма нарсанинг давоси вақт. Агар AfD 16 та федерал ҳудуддаги сайловларда ғалаба қозонса, Бундестагдаги овозларда ҳам ютиб, Алис Вайдел аёл партия етакчиси бўлиб, партияси ғалаба қозониб, ўша аёл канцлер бўладиган бўлса, қонунлар кучга кира бошлаганидан кейин нима бўлишини кўрамиз. Натижани кутамиз. Натижа қандай бўлиши ҳаммаси Аллоҳдан.

Дурдона Жалолиддинова, талаба:

Бошида хавотирланаётган эдим. Лекин AfD партиясининг дастурларини ўқиганимдан кейин анча тинчландим. Чунки улар асосан ноқонуний миграцияга қарши. Масалан, бу ерда кимдир ноқонуний юрган бўлса, ўшанда депортация қилиш ёки чиқариб юбориш мумкин. Уларнинг асосий дастури ҳозирги ноқонуний йўл билан келган мигрантларни чиқариб юборишга қаратилган. Лекин ҳозирда давлатда тинч яшаётган, қонуний юрган, ишлаб-ўқиб юрган студентларга, менимча, унчалик ҳам зарари тегмайди, деб ўйлайман.

Аммо, мени бошқа нарса ташвишга солади, яъни сайловчиларнинг 44 фоизи AfD партиясини танлаб, унга овоз бергани хавотирли. Демак, бу шунча одам чет элликларга қарши эканини кўрсатмоқда.

Алишер Қодиров, ўқитувчи:

Бизнинг бу вазиятга ҳали баҳо беришга вақт бор, деб ўйлайман. Чунки AfD партияси 16 та федерал ҳудуддан фақат биттасида, Саксония-Анхальт регионида ғалаба қозонди. Бундан ташқари, ҳали 2029 йилги сайловларгача анча вақт бор.

Биз биламизки, AfD партиясига қарши бўлган немисларнинг ўзлари ҳам бир гуруҳ бўлиб турибди. Биз чет элликлар сифатида, тўғри, бундан бироз ташвишга тушишимиз мумкин. Лекин бу хавотирлар ҳали ўринли эмас, деб ўйлайман. Чунки ҳали вақт бор. Бошқа партиялар бирлашган ҳолда AfDга қарши чиқиб, ютиш имкониятига эга.

AfD партиясининг дастурида айнан иқтисодий ва сиёсий масалалар биринчи ўринда, иккинчи ўринда эса иммиграция масаласи туради. Ноқонуний равишда Германияда яшаётган мигрантларни, биринчи навбатда, чиқариб юбориш масаласи бор.

Бу ерда, немислар айтганидек, анча йиллардан бери ишламасдан, Германия ҳукуматидан пул олиб яшаётган чет эллик фуқаролар ҳам мавжуд. Ўшаларни биринчи ўринда Германия давлатидан четлаштириш масаласи бор. Улар ҳақиқатдан ҳам ишга яроқлими ёки яроқсизми? Агар яроқсиз бўлса, Германия ҳудудида олиб қолишдан фойда йўқ, деб ҳисоблашади. Уларни ўз ватанларига қайтариб юбориш ҳам дастурига киритилган.

Лекин менинг фикримча, иқтисодий масалада Германияни ҳаттоки Европа Иттифоқидан ҳам олиб чиқиш ҳақида гапиришмоқда. Чунки Германия ягона давлат сифатида Европа Иттифоқидаги иқтисодий лидерлигини сақлаб қолиши ва буни янада ривожлантириши керак, дейишяпти.

Иқтисодий томондан Германиянинг ривожланиши мумкин, деган фикрдаман. Лекин иммигрантлар учун ҳақиқатан ҳам озроқ хавотирлар бор, деб ўйлайман. Чунки family reunification, яъни оилани бирлаштириш деган нарса бор.

Ўзимиздан, Ўзбекистондан ва умуман бутун дунёдан Германияга келиб истиқомат қилаётган муҳожирлар кўп. Улар ишлаяпти, фаолият юритяпти ва оиласини, фарзандларини, аёлини чақириб олишни хоҳлайди. Лекин бу масалаларни, яъни оилани бирлаштириш масаласини тўхтатамиз, дейишяпти. Аёллар ва фарзандларнинг Германияга кириб келишини тўхтатиш ҳақида гаплар бор. Шу масалалар озроқ хавотирли, деб ўйлайман.

Ҳозирча бу ердаги ўзбеклар учун, менимча, хавотирга ўрин йўқ. Чунки Ўзбекистондан келган бу ердаги ватандошларимизнинг деярли барчаси ишлаб, Германия қонун-қоидаларини бузмаган ҳолда фаолият юритиб, белгиланган солиқларини тўлаб келмоқда.

Афсуски, баъзи бир нохуш ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Европанинг бошқа давлатлари орқали қандайдир маълум фирмалар орқали Германия ҳудудига кириб қолган ўзбек ватандошларимиз ҳақида нохуш хабарлар тарқалди. Биз бундан жуда ҳам афсусдамиз.

Лекин менинг фикримча, Германиядаги ўзбек ватандошларимиз орасида ҳеч қандай хавотир уйғотишга ҳожат йўқ. Сабаби, биз бу ерда қонуний ишлаяпмиз, қонуний визага эгамиз ва солиқларни ўз вақтида тўлаб келяпмиз. Бизда бундай хавотирлар бўлмаслиги керак, деб ўйлайман.

Зулфия Мамадиёрова, талаба:

Сиёсатга келадиган бўлсак, бунда ўзимни озгинча орқага тортган бўламан. Лекин менда бу даражада қўрқув ёки босим бўлгани йўқ. Сабаби, мен тўғри йўл билан, ҳужжатлар орқали, яъни виза ва Aufenthaltstitel деган ҳужжатлар орқали келганман.

Шунинг учун бу нарса менга қийинчилик туғдирмайди. Германияда яшаб, стипендия олиб, ҳар бир давлатнинг ўз суғурталарига эга бўлганмиз. Биз ҳам суғурталаримизга оид барча ҳужжатларни ўзимиз учун пойдевор қилиб қўйганмиз.

Биз нима сабабдан бу ерга келганимизни биламиз ва йўлимиз қайси томонга кетишини ҳам биламиз. Мақсадимиз нима эканини билганимиз учун ҳам ҳозирги кунда унчалик ташвиш уйғотгани йўқ.

Сабаби, биз Европанинг илм-фанидан ва берилган имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистонга қайтиб кетиш ниятимиз бор. Яъни, ўзимизнинг Ўзбекистонимизни янада ривожлантириш учун ҳиссамизни қўшмоқчимиз.

Дилхумор Янгибоева, тадбиркор:

Албатта, Германиядаги сиёсий жараёнлар, ўзгаришлар мени ташвишга солади. Озми-кўпми, шу ерда яшаяпмиз. Бу ер ҳам, қисман айтганда, иккинчи ватанимиз. Бу ернинг келажаги ҳам бизни бефарқ қолдирмайди.

AfD партиясига кўпроқ, мен тушунганим бўйича, улар ноқонуний миграцияга қарши. Лекин қонуний равишда, ўз визасига, ишчи позициясига, тилига ва ҳужжатларига эга бўлган чет эл фуқароларига қаршилиги йўқ.

Мени ўйлашимча бу ерда фақат нотўғри тушунмовчиликлар бўляпти. Улар фақат ноқонуний мигрантларга, ҳар хил йўллар билан кириб келган чет элликларга қарши. Шахсан мен ва менга ўхшаган, бу ерда ўз иш фаолиятини олиб бораётган, ўқиган, ишлаган ва ўзининг пойдеворига эга бўлган ёшларни, яъни ўзбекларни шахсан ташвишга солмаяпти.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ