Қирғизистон президенти Садир Жапаров 19 сентябрь куни АҚШга иш сафари доирасида Солт-Лейк-Сити шаҳри яқинида жойлашган Юта штатининг Олимпиада боғига (Utah Olympic Park) ташриф буюрди.
Ташриф давомида давлат раҳбари 2034 йилги Қишки Олимпиада ўйинларини ташкил этиш қўмитаси раиси Фрейзер Баллок билан учрашди. Учрашувда штатда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, 2002 йилда ўтказилган Олимпиада меросидан фойдаланиш, шунингдек, 2034 йилги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик режалари билан танишди.
Президентни Юта штатида қишки спорт турларини болалар ва мактаб ўқувчилари ўртасида оммалаштириш, аҳолининг спорт билан оммавий шуғулланишини кенгайтириш ҳамда сайёҳларни жалб қилиш учун замонавий спорт инфратузилмасидан фойдаланиш тажрибаси алоҳида қизиқтирди.
2002 йилги Олимпиада учун барпо этилган инфратузилма спортчиларни тайёрлаш, мусобақалар ўтказиш ва спорт туризмини ривожлантириш мақсадида ҳозирги кунга қадар фаол қўлланилаётгани таъкидланди.
Садир Жапаров Юта тажрибаси қишки спорт турлари ва туризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга бўлган тоғли мамлакат сифатида Қирғизистон учун амалий жиҳатдан қизиқарли эканини билдирди.
«Қирғизистон учун бу жуда қимматли тажриба. Биз нафақат замонавий спорт инфратузилмасини ривожлантиришимиз, балки имкон қадар кўпроқ болалар ва ёшлар қишки спорт турлари билан шуғулланиши учун шароит яратишимиз керак. Бу миллат саломатлиги, спорт ва туризмнинг ривожланиши, шунингдек, мамлакатни танитиш билан бирга амалга оширилиши лозим», — деди президент.
Давлат раҳбари Юта штатининг қишки спорт турларини ривожлантириш, ёш спортчиларни тайёрлаш ва спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш тажрибасини кенг ўрганишни, шунингдек, 2034 йилги Олимпиада ўйинларини ташкил этиш қўмитаси ва штатнинг спорт ташкилотлари билан ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилашни топширди.
Садир Жапаров 2034 йилда Солт-Лейк-Ситида бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиада ўйинларига тайёргарликка алоҳида эътибор қаратди.