Ўш шаҳрида аввал бўш ва фойдаланилмай келган ҳудудда янги дам олиш масканининг қурилиши давом этмоқда.
Яқин вақт ичида бу жой кўкаламзорлаштирилиб, шаҳар аҳолиси учун мароқли вақт ўтказишга мўлжалланган замонавий масканга айланади.
Лойиҳа доирасида бу ерда болалар учун ўйин майдончаси, шахмат ўйнаш учун махсус жой ва велосипед йўлаги барпо этилмоқда. Бундан ташқари, дам олиш боғида жамоат ҳожатхонаси қурилиб, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилади.
Айни пайтда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари белгиланган график асосида давом этмоқда. Барча ишларни шу ой охирига қадар якунлаб, янги боғни шаҳар аҳолиси фойдаланишига топшириш режалаштирилмоқда.