Бугун Ўш шаҳар мэри Жанарбек Акаев Хитой Халқ Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консули Лю Минчэ жанобини қабул қилиб, уни янги лавозимга тайинлангани ва Бош консуллик фаолияти қайта тиклангани билан табриклади.
Учрашувда қирғиз-хитой муносабатларини, жумладан, минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва туризм йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Мэр Жанарбек Акаев хитойлик инвесторларнинг Ўш шаҳрига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаб, бизнес-форумлар, кўргазмалар ва икки томонлама учрашувлар ўтказишни таклиф қилди. У Ўш шаҳар ҳокимияти инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишга тайёр эканини билдириб, айни пайтда Қирғизистон Республикаси қонунларига риоя қилиш ва жамоат тартибини ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар қирғиз-хитой минтақалараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.
Ўш шаҳри Хитойнинг Урумчи, Сиань, Синин, Шицзячжуан, Ланьчжоу, Фошань, Далянь ва Қашғар шаҳарлари билан биродарлик ва яқин алоқалар ўрнатган.