Тўқмоқ шаҳрида оилавий зўравонлик факти бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Чуй вилояти ИИББ маълум қилди.
3 август куни милицияга 33 ёшли шаҳар аёли мурожаат қилган. Унинг айтишича, 1988 йилда туғилган фуқаролик эри сўнгги уч йил давомида ўзига ва икки нафар вояга етмаган фарзандига мунтазам равишда зўравонлик қилиб келган.
Аёлнинг сўзларига кўра, эркак уларни электр сими ва курак билан калтаклаб, турли тан жароҳатлари етказган.
Жабрланган аёл ва болаларга суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.