Ўшда Oxford International School қурилиши бошланди

20 июл куни Ўш шаҳрида **Oxford International School** инновацион таълим мажмуаси қурилишига бағишланган вақт капсуласини жойлаштириш маросими бўлиб ўтди.

Вақт капсуласини Ўш шаҳар мэри Жанарбек Акаев жойлаштирди ва янги мажмуа шаҳардаги таълим инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ёш авлод учун замонавий шарт-шароитлар яратишга қаратилган муҳим инвестициявий лойиҳалардан бири эканини таъкидлади.

Шаҳар ҳокими, шунингдек, бугунги кунда бутун дунёда халқаро стандартларга жавоб берадиган таълим муассасаларига бўлган талаб ортиб бораётганини, таълим сифатини ошириш йўналишида шаҳар ҳокимлиги томонидан бундан буён ҳам ҳар томонлама ишлар олиб борилишини билдирди.

«Бундай замонавий таълим марказлари ўқувчиларга фақат сифатли таълим бериш билан чекланиб қолмай, янги технологиялар, инновацион ўқитиш усуллари ва ҳар томонлама ривожланиш имкониятларини ҳам тақдим этади. Ўш шаҳрида шундай даражадаги таълим мажмуасининг очилиши шаҳар аҳолиси учун янги имкониятлар яратиб, ёшларнинг рақобатбардош билим олишига хизмат қилади», деди Жанарбек Акаев.

Таъкидлаш жоизки, бундан аввал Ўш шаҳар мэрияси билан **Oxford International School** ўртасида мазкур лойиҳани амалга ошириш ва таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича икки томонлама меморандум имзоланган эди.

Қуриладиган таълим мажмуаси Ашимаҳунов кўчасида жойлашади. У 700 ўринли мактаб ва 140 ўринли болалар боғчасини ўз ичига олади. Шунингдек, мажмуада замонавий ўқув синфлари билан бир қаторда лабораториялар, кутубхоналар, спорт заллари, ижодий марказлар ҳамда очиқ спорт майдончаларини барпо этиш режалаштирилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ