Қамчибек Ташиев президентлик сайловида иштирок этмаслигини маълум қилди

«Қамчибек Ташиев 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этмайди», деган маълумотни Ташиевга яқин шахслардан бири — Ўткурбек Раҳмонов ўзининг фейсбук саҳифасида эълон қилди.

Унинг айтишича, собиқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 2027 йилги президентлик сайловлари ва унда унинг номзоди кўрсатилиши мумкинлиги ҳақида жамиятда тарқалаётган миш-мишлар ортидан баёнот берган. Ташиевнинг сўзларига кўра, кейинги вақтларда унинг номи тилга олинган ишончсиз маълумотлар тарқалмоқда. Шу сабаб у ўз позициясини очиқ эълон қилишга қарор қилган.

«Мен 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этмайман. Бу ҳақда аввал ҳам бир неча бор айтганман. Бугун яна бир бор тасдиқлайман: менинг позициям ўзгармаган ва ўзгармайди», — деди у.

Шунингдек, собиқ МХДҚ раҳбари агар амалдаги президент Садир Жапаров сайловда иштирок этса, уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«2027 йилги президентлик сайловларида мен Қирғизистон президенти, Олий бош қўмондон Садир Нурғожоевич Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу менинг кўп йиллик ва ўзгармас позициямдир. Давлат барқарорлиги, миллий манфаатлар ва халқ бирлиги ҳамма нарсадан устун деб ҳисоблайман. Жапаровни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат тараққиётини, халқ бирлигини ва Қирғизистон келажагини қўллаб-қувватлайман», — дейилади баёнотда.

У шунингдек, давлатга хизмат қилиш имкониятидан фахрланишини ва бу фаолиятни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ташиев фуқароларни унинг номи билан тарқатилаётган ёлғон маълумотлар ва миш-мишларга ишонмасликка чақирди. Унинг фикрича, бундай хабарларнинг мақсади жамиятни чалғитиш, низо келтириб чиқариш ва мамлакат бирлигига путур етказишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиев 2026 йил 10 февраль куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган эди. Кейинчалик унга нисбатан шартли равишда «75 иши» деб номланган жиноят иши қўзғатилган.

Натижада Биринчи май туман суди қуйидаги ҳукмни чиқарди.

Хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш айби бўйича оқланганлар:

Қамчибек Ташиев;
Қурманқул Зулушев;
Нурланбек Тургунбек уулу;
Бекболот Талгарбеков;
Аали Карашев.

Ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга тайёргарлик кўриш айби бўйича айбдор деб топилганлар:

Қамчибек Ташиев;
Қурманқул Зулушев;
Нурланбек Тургунбек уулу;
Бекболот Талгарбеков;
Қурсан Асанов;
Қурманбек Дийқанбаев;
Аали Карашев;
Эмил Узакбаев.

Уларнинг барчаси тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкини мусодара қилиш жазосига ҳукм қилинди. Шу билан бирга, уларга нисбатан пробация чораси ҳам қўлланилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ