Бугун, 26 июн куни Ўш вилоятидаги барча мактабларда битирувчиларга шаҳодатномалар топшириш маросими бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан 800 дан ортиқ милиция ходими жамоат тартибини ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинади.
Ўш вилоят ИИБ ходимлари мактабларда ташкил этилган тантанали тадбирларда иштирок этиб, жамоат хавфсизлигини назорат қиладилар. Шунингдек, улар ота-оналар ва ёшлар қўмиталари билан биргаликда тушунтириш ишларини олиб борадилар.
Шунинг доирасида битирувчиларга кафе ва ресторанларда маросимлар ўтказиш, табиат қўйнида дам олиш учун ташқарига чиқиш ва вояга етмаганларга машина ҳайдаш тақиқлангани эслатилади.
Милиция маълумотларига кўра, кўрилаётган чораларнинг асосий мақсади битирувчилар иштирокидаги жиноятлар, йўл-транспорт ҳодисалари ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашдир.