Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг навбатчилик қисмига, патруль милицияси ходимидан 2026 йилнинг 9 май куни тахминан соат 19:20да Алимбек Датка ва Суюмбаев кўчалари кесилишида Honda Jazz автомобили турар жой уйи тўсиғига урилиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойида ҳайдовчи топилмаган.
Текширув давомида машина Ўш шаҳрининг 73 ёшли фуқароси А. А.га тегишли экани аниқланган. У хусусий таксичилик билан шуғулланган.
Тергов маълумотларига кўра, ўша куни соат 18:00 ларда тахминан 25–30 ёшлардаги номаълум эркак уни ёллаб, Алимбек Датка кўчасида жойлашган резиденция томон олиб боришни сўраган. Шундан кейин ҳайдовчи бедарак йўқолган.
А. А.нинг яқинлари унинг йўқолгани бўйича милицияга мурожаат қилган.
10 май куни такси ҳайдовчисининг жасади Ўшнинг жанубий қисмидаги дала ҳудудидан зўравонлик аломатлари билан топилган.
11 май куни Ўш ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари аввал ҳам бир неча марта судланган, 1998 йилда туғилган ўшлик М. уулу Ш.ни гумонланувчи сифатида қўлга олди. У Қурманжан Датка кўчасидаги ертўлада жойлашган интернет-клублардан бирида ушланган.
Маълум қилинишича, дастлабки сўроқ вақтида гумонланувчи жиноят содир этилган куни маст ҳолатда бўлганини тан олган. Унинг айтишича, такси автомобилини эгаллаб, кейинчалик сотиш мақсадида ўлдирган. Аммо режасини амалга ошира олмаган, чунки йўлда ЙТҲга учраган.
Гумонланувчига нисбатан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 2-қисми — “Қотиллик” бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
13 май куни Ўш шаҳри суди унга нисбатан икки ой муддатга қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чорасини танлади.