Ўш шаҳридаги Солижон Шарипов мактаби капитал таъмирланади. Билим даргоҳида жойлашган №22 «Умут-Наристе» болалар боғчаси бошқа жойга кўчирилиб, бино тўлиқ синф хоналарига айлантирилади. Бу ҳақда мэриянинг матбуот хизмати билдирди.
Шаҳар раҳбари Женишбек Токторбаев 7 феврал эрталабки рейдда С. Шарипов таълим муассасаси биносининг ҳозирги ҳолати билан танишди. Унда мэр бу йил мактаб биносини тўлиқ таъмирлаш зарурлигини таъкидлаб, таъмирлаш ишлари учун лойиҳа-смета ҳужжатларини зудлик билан тайёрлаш ва тегишли муассасалар билан биргаликда ишларни бошлашни буюрди.
Шунингдек, у таълим маскани ҳудудини тартибга солиш, хавфсизлик талабларини таъминлаш, ноқонуний иншоотларни олиб ташлаш ва ўқувчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
Бундан ташқари у мактаб биноларидан бирида жойлашган 22-сонли «Умут-Наристе» болалар боғчасининг ҳолати билан танишиб, боғчани хавфсиз ва талабларга жавоб берадиган бошқа бинога кўчиришни айтди.
Маълумотга кўра, мактабгача таълим муассасини С. Шарипов мактаби ҳудудида жойлашган “Санрайс” меҳмонхонаси биносига кўчирилади. Бино тегишли тартиб-қоидаларга мувофиқ текширилиб, болалар боғчаси эҳтиёжларига мувофиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилади.