Эрон: қонли тўқнашувлар, юзлаб ўлим ва жароҳат. АҚШ ҳужумларни режаламоқдами? Шаҳзода Ризо Паҳлавий қайтадими?

Эронда шанбадан якшанбага ўтар кечаси охирги 3 кун мобайнида хавфсизлик кучлари томонидан юзлаб инсон ўлдирилганлигини ҳақидаги хабарлар манзарасида норозилик намойишлари давом этган.

BBC ҳақиқийлигини тасдиқлаган ва гувоҳларнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳукуматнинг норозиликларни бостириш амаллари кучаймоқда.

Эрон Бош прокурорининг айтишича, норозиликларда қатнашаётган ҳар қандай шахс «Оллоҳнинг душмани» сифатида кўрилади. Бу айблов Эронда ўлим жазосини кўзда тутади.

АҚШ президенти Доналд Трамп «Эрон намойишчиларни ўлдирса қатъий чора кўрилиши» ҳақида огоҳлантирганди.

Эрон Парламенти раиси агар АҚШ Эронга ҳужум қилса, Исроил шунингдек, Американинг минтақадаги ҳарбийлари ва кемалари қонуний нишонга айланиши ҳақида огоҳлантирган.

Шанба куни жаноб Трамп АҚШ «Эркинлик илинжида бўлган» Эронга «ёрдамга тайёр турганлиги»ни айтган.

Намойишлар кўлами кенгаяр экан ўлим ва жароҳатлар сони ҳам ортиб бормоқда.

АҚШда жойлашган Эрон Инсон Ҳақлари фаоллари (HRANA) гуруҳига кўра, хавфсизлик ходимлари дохил 100 дан ортиқ инсон ўлдирилган.

BBC Форс хизмати Рашт шаҳридаги касалхонага жума куни 70 жасад келтирилганини аниқлаган. Теҳрондаги шифохона ходимлари у ерда 38 инсон ўта оғир жароҳат билан ётганини айтишган.

Инсон Ҳақлари гуруҳларига кўра, 28 декабр куни бошланган норозиликлар мобайнида шу вақтгача 2500 киши ҳибсга олинган.

BBC ва бошқа кўплаб халқаро оммавий ахборот воситаларига Эрондан мустақил равишда хабар беришга рухсат берилмаслиги ва пайшанба кунидан бери Интернет деярли тўлиқ ўчирилгани учун маълумот олиш ва хабарларни текшириш қийинлашган.

Жорий норозиликлар вақтида ҳукумат шунингдек, ички Интранет хизматини ҳам кескин чекламоқда.

Мутахассисларнинг BBCга айтишларича, Интернет чекловлари 2022 йилги норозиликлар вақтида киритилган чекловлардан ҳам кучлироқдир.

АҚШ Эронга ҳужумларни режаламоқдами?

Шанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп «АҚШ ёрдамга тайёр турибди», дея Ижтимоий тармоқда айтган бўлса-да, тафсилотларни очиқламаган.

Аммо АҚШ матбуотининг хабар беришича, унга Эронга нисбатан ҳарбий ҳужумлар вариантлари ҳақида маълумот тақдим қилинган.

The New York Times ва Wall Street Journal (WSJ) нинг хабар беришича, бу борада мулоқот бўлиб ўтган ва WSJ бу мулоқотни «дастлабки муҳокама» , дея таърифлаган.

Ўтган йили АҚШ Эрондаги ядровий иншоотларга ҳаводан ҳужум уюштирганди.

Шаҳзода Ризо Паҳлавий қайтадими?

Якшанба куни эрталаб ҳозирда АҚШда истиқомат қилувчи Эрон собиқ шоҳининг ўғли Ризо Паҳлавий ўзининг Х саҳифасида видео чоп қилиб, «Сизлар танҳо эмассиз. Жаҳон бўйлаб ватандошларингиз сизнинг садоингизни эшитмоқда… Хусусан эркин жаҳон етакчиси бўлмиш президент Трамп сизнинг жасоратингизни кузатиб турибди ва ёрдам беришга тайёр» , дея изоҳ қолдирган.

«Мен биламанки, яқин орада мен сиз билан бирга бўламан», дея илова қилган у.

Эрондаги намойишчилар Ризо Паҳлавийнинг қайтишини талаб қилиб, шиорлар айтиб келишмоқда.

Ризо Паҳлавий одамларни норозиликларни давом эттиришга аммо » ҳаётларини хавф остига қўймасликка» даъват қилган.

ББС Ўзбек

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ