Ўзбекистон Омбудсман вакили Мубашшир Аҳмад билан учрашди

2025 йилнинг октябрида 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилиб, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ маҳкумнинг аҳволи оғир экани ҳақида маҳаллий матбуотга билдирган.

Унда у маҳкум мажбурий тарзда ишга чиқарилаётганини ва етарли тиббий муолажа олмаётганини айтди.

«Жазони ўташ давомида Алишер Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилмоқда. У соғлиғининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда» — деди адвокат.

Бу эса кейинги кунларда Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ҳам турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқарди.

Жумладан, сиёсатшунос ва фаол Ҳамид Содиқ ўз Телеграм саҳифасида шундай ёзиб қолдирди:

«Мубашшир Аҳмад домлани озодликка чиқариб унга даволаниш имконини бериш керак.»

Айни хабарлар тармоқлар бўйлаб тарқалгач, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширгани ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Омбудсмани идорасига кўра, мониторинг давомида маҳкум Алишер Турсунов билан ҳоли тарзда суҳбат ўтказилган ва унинг саломатлигига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилган.

«Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмади. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади. Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади», — дейилади расмий муносабатда.

Бироқ, маҳбуснинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ маҳаллий нашрларга билдиришича, Алишер Турсунов муассаса ходимлари томонидан унга нисбатан бошқа маҳкумлар қатори бир хил муносабат бўлмаётганини айтган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ