Ўшдаги «Лўли маҳалла» номи билан танилган Янги маҳалла қишлоғида кенг кўламли таъмирлаш ишлари бошланади

Ўш шаҳар мэрияси Янги маҳалла қишлоғини таъмирлашни режалаштирмоқда. Шу сабабли мэр Женишбек Токторбаев қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, лойиҳа билан таништирди. Бу ҳақда мэриядан билдиришди.

Ўш шаҳар раҳбарининг сўзларига кўра, бу ерда яшовчилар келгуси йилдан бошлаб 5 қаватли уйларга кўчиб ўтишни бошлайдилар.

«Ростини айтсам, шаҳар бўйича ушбу қишлоқда ҳаёт ночор. Мен болалигимда бу ерга келганимда ҳам шундай эди, ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармаган… Уйлар учун 1-2 хонали квартиралар бериб қўяди деб ҳавотир олманг. Уйда қанча оила яшайди, қанча боласи бор, ҳамма нарса ҳисобга олинади. Агар керак бўлса, баъзи квартираларни 3-4 хонали қиламиз»,- деди Женишбек Токторбаев.

Маълумотга кўра, келгуси йилдан бошлаб аҳоли пунктидаги барча эски турар-жой бинолари бузиб ташланади ва уларнинг ўрнида янги кўп қаватли ва бир қаватли уйлар, мактаб, болалар боғчаси, оилавий тиббиёт маркази, масжид ва ҳиёбон қурилади.

Мэр ўз нутқида аввал 12 йиллик мактаб қурилиши бошланишини, ўрни тайёр эканлигини таъкидлади.

Шуни таъкидлаш керакки, қишлоқ 2024 йилда маъмурий-ҳудудий ислоҳот доирасида Ўш шаҳри ҳудудига киритилган. Унда тахминан 4 минг фуқаро яшайди. Аҳоли пунктида 4 йиллик мактаб ва оилавий тиббиёт марказидан ташқари бошқа ижтимоий объектлар йўқ. Уларнинг аксарияти эскирган уйларда ва оғир инфратузилма шароитида яшайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ