Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Айдана Жупуева “Кабар” ахборот агентлигида жонли эфирда Қирғизистонда ҳозирда қанча сайловчи борлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг сентябр ойи ҳолатига кўра, сайловчилар сони 4 миллион 237 минг кишини ташкил этади.
“Бизда 30 та округ бўлади. Ҳар бир округда тахминан 140 минг сайловчи бўлади. Лекин бир округда 140 минг, қолганида эса 150-165 минг сайловчи бўлиши мумкин.
Бошқача қилиб айтганда, тахминан 20 фоиз фарқ бўлади. Буларнинг барчаси қонун доирасида бўлиб, Конституциявий қонунда бундай фарққа йўл қўйилиши белгилаб қўйилган”, — деди МСК раиси ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Жогорку Кенешнинг 7-чақириқ депутатлари ўзларини тарқатиб юборишганди. Маълумки, жорий йилнинг 30 ноябр куни навбатдаги парламент сайлови бўлиб ўтади.