Қирғизистонда “Қонундаги ўғри” Қамчи Колбаев махсус операцияда ўлдирилди

4-октябрь куни Бишкекда ўтказилган махсус операция чоғида “жиноят бошлиғи” сифатида танилган Қамчи Колбаев (Қамчибек Асанбек) ўлдирилди. Бу хабарни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси тасдиқлади.

Бишкекдаги “Plonder pub” дам олиш марказида жиноятчини қўлга олиш бўйича махсус операция ўтказилди. Расмий маълумотларга кўра, Колбаев ва унинг қўриқчилари ҳуқуқ-тартибот идораларига қарата ўқ узган. Отишма натижасида Колбаев йўқ қилинган.

Махсус амалиётга кўплаб хавфсизлик кучлари ва зирҳли машиналар жалб қилинди. Бундан ташқари, “Тез ёрдам” автомашиналари ҳам келди.

Воқеа жойига Бош прокурор Қурманқул Зулушев ва Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев ҳам бўлди.

Хавфсизлик қўмитасига кўра, Колбаевни ҳибсга олиш бўйича операция,  тадбиркорларнинг мол-мулкини ноқонуний мусодара қилиш ҳолатлари ва фуқароларнинг “Доо” лақабли Чингиз Жумагуловнинг ўлдирилишида иштирок этганлиги ҳақидаги шикоятлари билан боғлиқ.

Ўтган йилнинг 30 июль куни Бишкекдаги 1-сонли тергов изолятори камераларидан бирида “Чингиз доо” лақаби билан танилган Чингиз Жумагулов пичоқлаб ўлдирилган эди. Жазони ижро этиш хизмати уни шахсий адоват туфайли камерадоши ўлдирганини маълум қилган.

Хавфсизлик қўмитаси 2022 йилнинг 15 июль куни Жумагуловни товламачилик йўли билан пул талаб қилганликда гумонлаб ҳибсга олган. Биринчи май туман суди уни 7 сентябргача тергов изоляторида ҳибсда сақлашга қарор чиқарган.

Қамчи Колбоев ким?

Иссиқ-Кўлнинг Чўлпон-Ота шаҳрида туғилиб ўсган Қамчи Кўлбоев, жиноий гуруҳ раҳбари сифатида Ички ишлар вазирлигида (ИИБ) рўйхатга олинган.

Колбаев 2000 йилда оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, кучли тартибдаги қамоқ жазосига тортилган. У ўзи аъзо бўлган жиноий гуруҳ раҳбари Рисбек Акматбаев ва унга яқин икки кишини ўлдиришга уринганликда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Олти йил қамоқ жазосини ўтагандан кейин, умумий колонияга ўтказилган ва у ердан қочиб кетган.

2012 йилнинг декабрида у “жиноий гуруҳ тузиш, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларни сақлаш, ҳукумат вакилига куч ишлатиш, одам ўғирлаш” каби айбловлар билан уч йилга озодликдан маҳрум этилган ва 2014 йилда озодликка чиқарилган.

МХДҚ хабар беришича, Колбаев 2020 йилнинг октябрь ойида жиноий гуруҳ тузишда айбланиб ҳибсга олинган. Аммо тўрт ой ўтгач, у қамоқдан озод қилинган. Махсус хизмат унинг яқинлари, Колбаевга нисбатан 250 миллион қирғиз сўмдан ортиқ жиноий даромадларни легаллаштириш факти бўйича олиб борилаётган тергов доирасида давлат ҳисобига 49,6 миллион сўми ўтказганини маълум қилган.

Жорий йилнинг август ойида, унга нисбатан сўнгги жиноий иш 2021 йилда қисқартирилгани маълум бўлди.

Аввалроқ, Колбаев Қирғизистонда бир неча сиёсатчи билан алоқада бўлгани айтилган ва улардан баъзилари билан бирга тушган сурати ҳам эълон қилинган.

МХДҚси раиси Қамчибек Ташиев Қирғизистонда жиноятчиликка қарши қатъий чоралар кўрилаётганини таъкидлаб, жиноий гуруҳларни қонунни бузмасликка ёки мамлакатни тарк этишликка чақирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ