Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш агентлигининг собиқ директори Дониёр Акматов товламачиликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, Акматов “қўлидаги гўёки компроматни ОАВда тарқатмаслик учун президент ёрдамчисидан 300 минг доллар талаб қилган”.
Собиқ амалдор ЖК 208-моддаси («Товламачилик») билан қўзғатилган жиноят иши доирасида қўлга олинди. МХДҚ маълумотларига кўра, Акматов 6 сентябрь куни талаб қилинган сумманинг бир қисмини олаётган пайтда қўлга олинган.
МХДҚ бир киши бошқасидан ўзига 12 биткоин ўтказишни талаб қилган телефон суҳбат аудиоёзувини тарқатган.
Акматов МХДҚ вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган, суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлайди. Пул ундирилаётган президент маслаҳатчисининг исми ошкор этилмаган.
Дониёр Акматов 2020 йил октябрь ойида Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш агентлиги директори этиб тайинланган, 2021 йил бошида эса бу лавозимни тарк этган. У ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлиб, сўнгги пайтларда ҳокимиятнинг айрим қарорларини танқид қилиб турар эди.