«Кампиробод иши»: 3 нафар айбланувчи уй қамоғига озод қилинди

«Кемпиробод иши» бўйича уч айбланувчи – Оқил Айтбоев, Эрлан Бекчоро ўғли ва Али Шабдан уй қамоғига озод этилди. Бу ҳақда адвокат Кантемир Турдалиев маълум қилди.

Улар 2022 йил октябрь ойидан буён ҳибсда сақланаётган эди. 28 август куни Бишкек шаҳар судида эҳтиёт чорасини кўриш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Иш бўйича қолган судланувчиларга нисбатан илгари танланган эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Аввалроқ бу иш бўйича 13 нафар айбланувчи уй қамоғига озод қилинган эди. Шу тариқа, тергов ҳибсхонасида 11 киши қолмоқда: Равшан Жеенбеков, Қубаничбек Қодиров, Азимбек Бекназаров, Кенешбек Дуйшебаев, Марат Баязов, Илгиз Шаменов, Темир Махмудов, Айбек Бузурманқулов, Бектур Асанов, Айданбек Акматов ва Зиданбек Акматов.

2022 йил октябрь ойида 27 нафар сиёсатчи ва фаол оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Иш бўйича тергов деярли саккиз ой давом этди, 2023 йил июнь ойида материаллар судга тақдим этилди. “Кампиробод иши” 52 жилддан иборат бўлиб, материалларга Ички ишлар вазирлиги махфийлик муҳрини қўйган. Шу асосда маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини Кампиробод сув омбори ерларини Ўзбекистонга бериш ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузиш борасидаги позицияси учун сиёсий таъқиб, деб ҳисобламоқда.

Айни пайтда Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги терговда айбланувчига нисбатан етарлича далиллар борлигига ишонтирмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ