Суд Фарходбек Алимжоновнинг мандатга доир аризасини қаноатлантирмади

4 август куни Бишкек шаҳар маъмурий суди Жўғўрқу Кенеш депутати Фарходбек Алимжоновнинг мандатдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқди ва қаноатлантирмади.

Бу ҳақда шаҳар маъмурий суди матбуот хизмати “Озодлик” радиосига хабар берди.

Алимжонов суд қарорига изоҳ бермади.

Бир кун аввал, 3 август куни шу суд депутат Фарҳат Исмоиловнинг шикоятини ҳам кўриб, қаноатлантирмаган эди.

Марказий сайлов комиссияси 6 июл куни Фархат Исмоилов (“Ата-Журт – Қирғизистон” фракцияси) ва Фарходбек Алимжоновни (“Алянс”) диплом можароси туфайли мандатдан маҳрум қилган. Бунгача Таълим ва фан вазирлиги дипломи сохта эканлиги гумон қилинаётган депутатлар ҳақида Марказий сайлов комиссиясига материаллар юборгани хабар қилинган.

Икки депутат МСК қарори юзасидан судга шикоят қилган.

Фарходбек Алимжоновнинг аризаси 4 август куни Бишкек шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилди.

Ўтган йилнинг апрел ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси МСКга Фарҳат Исмоилов ва Фарҳодбек Алимжоновнинг олий маълумотли эканлиги тўғрисидаги ҳужжатлари қалбаки эканлигини маълум қилган.

Парламент сайтидаги маълумотларга кўра, Исмоилов Жусуп Баласағин номидаги Миллий университети ва юридик академиясини тамомлаган. Алимжонов олий маълумотни дастлаб Ўш давлат университетида, кейин эса Президент ҳузуридаги Бошқарув академиясида олган.

Иккаласи ҳам дипломлари сохта эканлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб, мандатларини ҳимоя қилиш учун қонуний чоралар кўришларини айтишган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ