Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида осиё қиёфасига эга одамларни видеога олиб, ижтимоий тармоқда тарқатиб, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган уч киши ушланган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
МХДҚ қайдича, қўлга олинган С.Б.М., Н.Р.В. ва С.Г.Р. Бишкек ва Чуй вилоятида истиқомат қилиб келишган.
Қўмита мазкур шахслар ўз видеоларида фашистик рамзлардан фойдаланганини, тергов чора-тадбирлари доирасида уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини исботлайдиган ашёлар қўлга киритилганини иддао қилган.
Гумонланувчилар мамлакат Жиноят кодексининг 330-моддаси (Ирқий, этник, миллий, диний ва ҳудудлараро низо қўзғатиш) бўйича қўзғатилган жиноят иш доирасида тутилган. Қўлга олинганлар МХДҚнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Айни пайтда миллатчи тўданинг бошқа аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом этмоқда.
Гумонланувчиларнинг яқинлари ва адвокатлари бу борада ҳали бирор изоҳ берганларича йўқ.