Евгений Пригожин ортга чекинишини эълон қилди

“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг айтишича, ёлланма аскарлар колоннаси Москвага 200 километр қолганда тўхтаб, ортга қайтган.

“Қон тўкилиши ҳавфи мавжуд. Биз рус қони тўкилишини масъулият билан тушуниб, ортга қайтдик. Режага кўра, дала лагерларига қайтамиз”, деди у.

Ушбу эълондан бироз олдин Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан келишув доирасида «Вагнер» хусусий ҳарбий ташкилоти раҳбари Евгений Пригожин билан суҳбатлашганини эълон қилди. Лукашенконинг сўзларига кўра, улар Россия ҳудудида қон тўкилишига йўл қўймасликка келишиб олган, Пригожин эса унинг “Вагнерчилар” қуролли ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни тартибга солиш ҳақидаги таклифини қабул қилган.

“Ҳозирда вазиятни тартибга солишнинг энг фойдали ва қулай варианти “Вагнерчилар” хавфсизлиги кафолати билан стол устида турибди”, дейилади матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Аввалроқ “Вагнер” ёлланма аскарлари Ростов-на-Дону шаҳрини эгаллаб, Москва томон йўл олгани хабар қилинганди. Уларнинг раҳбари Евгений Пригожин Украинадаги муваффақиятсиз урушда коррупционер ва лаёқатсиз қўмондонларни айблаб, улардан қутулишни мақсад қилганини айтган.

Россия президенти Владимир Путин “Вагнер”нинг ҳаракатларини “қуролли исён” деб баҳолади ва Пригожинни Россия ҳарбий раҳбариятини ағдариш учун “шахсий амбициялари туфайли Россияга хиёнат қилиш”да айблади. Қатор давлатлар Россиядаги вазиятни кузатиб бормоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ